Меню

четверг, 3 января 2013 г.

"Уч Думбул" операцияси (янги- версия)


Шавкат Муҳаммад

"Уч Думбул" оперияцияси

Ўзбекистон Хаёлпарастлари Ҳаракатининг янги йил йиғилишида қабул қилинган қароридан парча;

... ,,араб баҳори"дан илҳомланиб ярим йил ичида Ўзбекистонда  ,,Чоллар қўзғолони" операциясини  амалга оширишга сўз бериб, сиз азиз биродарларни умидвор қилган эдик. Лекин, уйдаги гап кўчага тўғри келмагани каби, бу режамизнинг бажарилиш муддатини бизга  маълум ва номаълум сабабларга кўра ўтказиб юбордик.



Ҳечдан кўра кеч дея биз ҳаракатимизни давом эттирдик. Ҳазор афсуски, бу давр ичида ,,Араб баҳори" модадан қолди.

Хаёлпарастлар Ҳаракати ўз мухлисларини зериктирмаслик учун доим янги-янги пўсти арчилмаган ғояларни кашф қилиб келган. Бу сафар ҳам ҳеч кимнинг тушига кирмаган режамизни ишлаб чиқдик.

Ўзбекистон Хаёлпарастлар Ҳаракати ,,300 спарталик" фильмидан илҳомланиб, ҳаракатнинг бундан кейинги фаолиятини ушбу фильм сюжети асосида олиб боришга қарор қилади. Юқоридагиларни ҳисобга олган ҳолда, Буюк Мажлис қабул қилган қарор билан қуйида танишинг;

                                                            ҚАРОР

1. Ушбу амалиётга ,,Уч думбул" деб ном берилсин.

2. Амалиётнинг ижроси шу қарор қабул қилинган кундан бошлаб Мамасоли Махсум , Номдор Норин ва Мулла Қоринга топширилсин. Ушбуга сабаб, айрим ғаламисларнинг бизни ,,тайёрга айёрлик”да айбламасликлари ва бошқа инсонларнинг жабрланмаслиги учундир.

3. ,,Уч думбул" амалиётини тасвирга тушириш, трансляция қилиш ва ушбу оламшумул, тарихий ҳодиса ҳақида бадиий фильм суратга олиш ҳуқуқи фақатгина Ҳолливуд ва Болливудга берилсин. Келиб тушган маблағ фақат уч ижрочи ҳисоб рақамига ўтказилсин.

4. Мамасоли Махсум, Номдор Норин ва Мулла Қорин Қозоғистон Республикаси, Жанубий Қозоғистон Вилоятида ритуал ,,бешбармоқ тановули”дан сўнг айланма йўллар орқали яширинча чегарадан ўтиб, Ўзбекистон ҳудудига кирсин ва зудлик билан Оқсаройни ишғол қилсин.

Пухта ўйланган ва тайёрланган амалиётда фақат уч киши қатнашгани сабабли Республика Президенти кулавериб, ичаги буралиб, омонатини топшириб юбориши кўзда тутилган.

Иншоллоҳ, ушбу операцияни муваффақиятли якунласак халқимиз чорак асрлик зулмдан халос бўлади.

Ўзбекистон Хаёлпарастлари Ҳаракати Буюк Мажлиси амалиёт бажарилгандан сўнг қилинадиган ишлар бўйича қабул қилган:

                                                ҚЎШИМЧА ҚАРОР

1. ,,Уч думбул" амалиёти иштирокчиларининг номини абадийлаштириш мақсадида ,,Мустақиллик Майдони"даги қуртнинг ўрнига ,,Уч думбул" монументи ўрнатилсин.

2. ,,Уч думбул" монументини ўрнатиш ишлари уста Шавкат Муҳаммадга топширилсин.

3. Монумент ўрнатиш ишлари учун уста Шавкат Муҳаммадга мухолифатга доимий етказган озорлари сабабли меҳнат хақи берилмасин.

Ўзбекистон Хаёлпарастлари Ҳаракати барчани янги йил билан қутлайди ва Ҳаракатнинг ишлари буйича доим ҳисобот бериб боришга ваъда беради.

Омин!

Ўзбекистон Хаёлпарастлари Ҳаракати Буюк Мажлиси


Тошкент,Оксаройда омонатини топшириш презентацияси


P.S: Барчага, ҳатто ,,янги йилни нишонлаш куфр” деган дўстларга ҳам Янги Йилингиз муборак!
P.P.S: Менга табрик ёзган дўстларга, танишларга жавоб табригини ёзмаганим учун хижолатдаман. Барчангизга ташаккур ва энг яхши тилакларни Сизга тилайман.
P.P.P.S: Ўқувчиларимиздан саволлар келган экан, баъзи сабабларга кўра жавоб қайтара олмадим. Насиб қилса тез кунлар ичида батафсил жавоб ёзаман. Янги саволларингиз бўлса shavkatmuhammad@gmail.com га йўлланг.


Замондош Бош муҳаррири 
   Шавкат Муҳаммад

Комментариев нет:

Отправить комментарий