Меню

вторник, 12 ноября 2013 г.

92 % Ватанимиз ахолиси ижтимоий фикрга Бахтлимиз дейишган - Реал хаётда уни тескариси-ку, газ-свет йук ва хо казо.......


Stock image of 'happy family have a picnic outdoor'


Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 21 йиллиги арафасида “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази “Фуқаролар мамлакатимиз сиёсати ва ижтимоий-сиёсий ҳаёти ҳақида” мавзусида ижтимоий сўров ўтказди.

Президентимиз Ислом Каримов томонидан
илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида таъкидланганидек, жамиятнинг демократия йўлидан жадал ривожланиши ва бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муваффақияти кўп жиҳатдан одамларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданият даражасига боғлиқ. Юксак ҳуқуқий маданият – демократик жамият пойдевори ва ҳуқуқий тизимнинг етуклиги кўрсаткичидир.

Фуқароларнинг ҳуқуқ ва сиёсатга бўлган қизиқишини аниқлаш мақсадида ўтказилган ижтимоий сўров асосини ҳам айнан шу омиллар ташкил қилди. Сўров натижаларига кўра, иштирокчиларнинг аксарияти (80 фоиздан ортиғи) мамлакатимизнинг ички сиёсий ҳаёти ҳақида ахборотга эга.

Сўров шуни кўрсатдики, телевидение ва умуман, оммавий ахборот воситалари мамлакатимиз сиёсий ҳаёти ҳақидаги асосий ахборот манбаидир. Сўралганларнинг 97,5 фоизи шундай жавоб берган.

Фуқароларнинг кўпчилиги (92,2 фоизи) Ўзбекистонда ҳаётни барқарор деб баҳолайди.

Ўзбекистонликлар асосан демократик ва анъанавий қадриятларга устувор аҳамият беради. Хусусан, сўров қатнашчиларининг аксарияти “демократия” ва “демократик давлат” нима эканини яхши билади ва тушунади. Иштирокчилар орасида ёшлар кўпчиликни ташкил қилгани ҳам (қарийб 80 фоизи 30 ёшгача бўлган ёшлар) уларнинг мамлакатимизда рўй бераётган демократик янгиланиш ва туб ислоҳотларга самарали ижтимоий мослашуви ҳамда таъсирчанлигидан далолат беради.

Жамоатчилик фикрини ўрганиш давомида давлатимиз раҳбарининг «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонунни қабул қилиш ҳамда ушбу қонун лойиҳасини Бухоро ва Самарқанд вилоятларида синовдан ўтказишга доир ҳуқуқий тажрибани амалга ошириш тўғрисидаги ташаббуси демократик давлат институтларини ташкил қилиш, қонун ижодкорлиги фаолиятининг қонунчилик асослари, ташкилий-ҳуқуқий механизмлари ва услубларини такомиллаштириш борасида янги босқични бошлаб бергани аниқланди.

Шунингдек, қонун ижодкорлиги фаолиятига янги услубнинг жорий этилиши фуқароларни сиёсий институтлар фаолияти ҳақида кенг хабардор қилиш шаклидан фойдаланиш имконини беради. Бундан ташқари, иштирокчиларнинг фикрича, қонун ижодкорлиги фаолиятига янгича ёндашувлар жамиятимизни янада эркинлаштириш ва модернизация қилишнинг мустаҳкам ҳуқуқий асосига айланиши мумкин.

Сўров натижалари шундан далолат берадики, мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ўзгаришлар фуқаролар, айниқса, ёш авлод ҳаётига ижобий таъсир кўрсатмоқда, ижодий ва касбий салоҳиятни рўёбга чиқариш, жамиятимизда миллий анъана ва урф-одатларни асраб-авайлаш учун барча зарур шароитлар яратилган. Фуқароларнинг ўз давлати ишларига дахлдорлик даражаси ҳам ошган – аксарият иштирокчилар Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси ўз мамлакати тақдири учун маънавий жиҳатдан жавобгар, деб ҳисоблайди.

Юртдошларимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги фаоллиги, аввало, уларнинг сайловлар, маҳалла қўмиталари, сиёсий партиялар фаолиятида, шунингдек, иш жойи ва касаба уюшмаларидаги иштирокида намоён бўлаётир. Фуқароларнинг кўпчилиги “фуқаролик жамияти” нима эканини тушунади ва уни “фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинлиги таъминланган жамият” сифатида қабул қилади.

Шунингдек, жамоатчилик фикрини ўрганиш фуқароларимиз учун давлат ҳокимиятининг қонунчилик органи – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси алоҳида аҳамиятга эга эканини кўрсатди. Негаки, улар қабул қилинаётган қонунлар моҳияти ва аҳамияти, парламент депутатларининг қонун ижодкорлиги фаолиятидан манфаатдор. Бу эса фуқароларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида юқори даражада фаол иштирок этаётганидан далолат беради.

Чунончи, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида фуқароларнинг давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи мустаҳкамланган. Овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш-иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланган. Айни кунларда мамлакатимизда фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови бўлиб ўтмоқда.

Сўралганларнинг аксарияти (88,2 фоизи) маҳаллаларда фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчиларининг навбатдаги сайловини ўтказишга қизғин тайёргарлик кўрилди, деб ҳисоблайди. Фуқароларнинг кўпчилиги (86,6 фоизи) бу сайловда фаол иштирок этишини билдирган.

Мухтасар айтганда, мазкур сўров жамоатчилик (90 фоиздан зиёд) мамлакатимиздаги ижтимоий ва сиёсий барқарорлик, жамиятимиздаги миллий ва фуқаролар тотувлигини юксак баҳолашини кўрсатди. Ўзбекистон аҳолиси Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Президентимиз Ислом Каримов жамиятимизда тинчлик, барқарорлик ва тотувлик кафолати эканига ишонади.

Комментариев нет:

Отправить комментарий