Меню

вторник, 26 ноября 2013 г.

Юртимизда бажарилмайдигон “Конституция билимдони” онлайн-танлови ўтказилади -

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгашида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси – мамлакатимиз тараққиёти ва жамият фаровонлигининг ҳуқуқий кафолати” тарғибот лойиҳасини амалга оширишга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.


Тадбирда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг етакчи мутахассислари, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Адлия вазирлиги, Олий хўжалик суди вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Ф.Муҳаммаджонова ва бошқалар истиқлол йилларида Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган ёшларга оид сиёсатнинг асосий мақсади ўсиб келаётган ҳар бир йигит-қизни ўз кучи ва имкониятига таянадиган, атрофда рўй бераётган воқеаларни тўғри баҳолайдиган ҳамда шахсий манфаатларини мамлакат ва халқ манфаатлари билан узвий боғлайдиган баркамол шахс этиб тарбиялашга қаратилганини таъкидлади.

Ёшларда сиёсий ва ҳуқуқий маданиятни шакллантириш ушбу хайрли мақсадларни амалга оширишда муҳим омилдир. Мамлакатимиз миқёсида ўтказиладиган байрамлар, жумладан, Конституция кунини кенг нишонлашда мазкур йўналишдаги ишлар аҳамияти янада ортади. “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ҳар йили ушбу умумхалқ байрами арафасида вазирлик ва идоралар, ташкилотлар билан ҳамкорликда миллионлаб йигит-қизлар иштирокида кенг кўламли тадбирлар ўтказиб келади.

2013 йилда “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси – мамлакатимиз тараққиёти ва жамият фаровонлигининг ҳуқуқий кафолати” лойиҳаси кўлами кенгайиб, янги йўналишлар билан бойитилди. Лойиҳа мамлакатимизда рўй бераётган сиёсий жараёнларга нисбатан мустақил ва онгли муносабатни шакллантириш, ҳаётга татбиқ этилаётган ҳуқуқий ислоҳотлар ҳамда Конституция ғояларини ёшларга етказиш, йигит-қизларимизнинг ҳуқуқий саводхонлиги ва сиёсий маданиятини юксалтиришга қаратилган.

20 ноябрда бошланган мазкур лойиҳа умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежи ва академик лицейлар, олий таълим муассасалари, маҳаллаларда “тенгдош – тенгдошга” тамойили асосида 15 декабргача давом этади.

Лойиҳани амалга ошириш доирасида республика тарғибот гуруҳи ташкил этилган. Унинг таркибига Тошкент давлат юридик университети, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ва Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг 150 га яқин иқтидорли талабалари ҳамда ёш ўқитувчилари киритилган. Улар айни пайтда жойларда ҳаракатнинг бошланғич ташкилотлари аъзолари учун давра суҳбатлари, семинарлар ва суҳбатлар ўтказмоқда. Ташкилот аъзолари эса, ўз навбатида, бундай тадбирларни 2-15 декабрь кунлари ўқув муассасалари, иш ва яшаш жойларида ташкил этади.

Матбуот анжуманида лойиҳанинг янги йўналишлари ҳақида ҳам сўз юритилди. Шуни айтиш керакки, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Олий суд ва Олий хўжалик суди билан ёшларни суд органлари тизими ва фаолияти билан таништириш, вилоят, шаҳар ва туман судларида қатор учрашувлар ўтказишга йўналтирилган қўшма ҳужжатни имзолади. Бу ёшларга одил судлов тизими фаолиятининг принципларидан хабардор бўлиш, суд-ҳуқуқ ислоҳотлари бўйича ўз билимини ошириш ва бу жараёнда Конституциямизнинг аҳамиятини чуқур англаш имконини беради.

Ёшларнинг шаҳар, туман ва вилоят ҳокимлари билан учрашувлари лойиҳани амалга ошириш борасидаги кейинги йўналиш бўлади. Бу учрашувлар чоғида ёшлар ўзини қизиқтирган барча саволларга жавоб олиш имконига эга бўлади.

Бундан ташқари, “Конституция билимдони” онлайн-танлови ҳам ўтказилади. Унда 10 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар иштирок этиши мумкин. Бу тадбир 25 ноябрдан 8 декабргача икки босқичда бўлиб ўтади. Танловда қатнашиш учун kamolot.uz сайтидаги тегишли бўлимга кириб, рўйхатдан ўтиш ва керакли маълумотларни тўлдириш лозим. 2013 йилда дастур ишлаб чиқувчилар фойдаланувчиларни идентификация қилишнинг ўзига хос тизимини жорий этди. Бунинг натижасида юксак савияда онлайн-танловлар ўтказиш имконияти пайдо бўлди.

Лойиҳа якуни бўйича республика тарғибот гуруҳининг 14 нафар энг фаол аъзоси, бошланғич ташкилотларнинг 28 нафар фаол етакчиси ва онлайн-танлов ғолиблари аниқланади ҳамда мукофотланади. Жорий йилда бундай ғолиблар сони Конституциямиз қабул қилинганининг 21 йиллиги муносабати билан 21 нафарни ташкил этади.

Комментариев нет:

Отправить комментарий