Меню

воскресенье, 3 ноября 2013 г.

Толиб Ёқубов: ВАТАНДОШЛАРГА МУРОЖААТ



                                                    Муҳтарам ватандошлар!

            Ислом Каримов оиласида кузатилаётган машмашалардан келиб чиқиб, айни пайтда кўпчилик бу мустабид оила сиёсий саҳнадан кетармикин, унинг ўрнига худди шундай, ё баттарроқ оила келмасмикин, мамлакатда эркин ҳаёт бўлармикин, дея умид қилаётган одамлар сони кундан кунга ортиб бораётган кўринади. Бу – табиий, чунки жамият зулм ва адолатсизликдан буғзигача тўйди. Мамлакатда қўли ҳар жойга етадиган, бироқ кўп бўлмаган
бойлар ҳам бор. Балки шулар кўпчиликнинг умидини қўлламасдир. Ўзининг ҳалол меҳнати, юксак онги ва сахийлиги билан бойиган инсонлар эркин мамлакатда бехавотир, “қора маскалилар” тажовузига учрамасдан биснесини юрита олишларини биладилар ва оддий одамларнинг умидини қўллаб-қувватлайдилар. Мамлакатимизда ижобий ўзгаришлар бўлиши учун биринчи навбатда одамлар шуни исташи керак, истак шакллангандан кейин эса кўпчилик бир ёқадан бош чиқариб секин-аста ўз истакларини амалга оширишлари керак.

            Мамлакатимизда беҳисоб муаммолар йиғилиб қолган: сиёсий муаммолар ҳам, иқтисодий муаммолар ҳам, ижтимоий ва маънавий муаммолар ҳам. Сиёсий муаммолардан биттаси, балки асосийси, сиёсий махбуслар муаммосидир. Сиёсий махбуслар озод этилмагунча қамоқхоналар тизимини ислоҳ қилиб бўлмайди. Ўзбекистон қамоқхоналарида минглаб сиёсий махбуслар сақланмоқда. Уларнинг мутлоқ кўпчилиги диний эътиқоди учун қамалган мусулмонлардир. Афсус уларнинг рўйхати қилинмаган, қилинганлари эскирган. Ҳуқуқбон сифатида мен сиёсий партия ва ҳаракатлар аъзолари, ҳуқуқбонлар, журналистлар, баъзи бизнесменлар, диний уламолар ва зиёлилардан иборат сиёсий махбуслар рўйхатини туздим. Улар қуйидагилар:

1)      Мурод Жўраев, “Эрк” партияси, 1994 йилда 12 йилга қамалган;
2)      Самандар Қўқонов, “Эрк” партияси, бизнесмен, 1993 йилда  20 йилга қамалган;
3)      Юсуббой Рўзимуродов, “Эрк” партияси, журналист, 1999 йилда 15 йилга қамалган;
4)      Аъзам Турғунов, “Эрк” партияси ва “Мазлум”, 2008 йилда 10 йилга қамалган;
5)      Муҳаммад Бекжонов, “Эрк” партияси, журналист, 1999 йилда 12 йилга қамалган;
6)      Исроилжон Холдоров, “Эрк” партияси, 2007 йилда 6 йилга қамалган;
7)      Мамадали Қорабоев, “Бирлик” партияси, бизнесмен, 2006 йилда 6 йилга қамалган;
8)      Азам Фармонов, Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти (ЎИҲЖ), 2006 йилда 9 йилга қамалган;
9)      Йўлдош Расулев, ЎИҲЖ, 2007 йилда 10 йилга қамалган;
10)  Зафар Раҳимов, ЎИҲЖ, 2007 йилда 6 йилга қамалган;
11)  Меҳринисо Ҳамдамова, ЎИҲЖ, 2009 йилда 7 йилга қамалган;
12)  Зулайҳо Ҳамдамова, ЎИҲЖ, 2009 йилда 6 йилга қамалган;
13)  Шаҳло Раҳмонова, ЎИҲЖ, 2009 йилда 6 йилга қамалган;
14)  Ғайбулла Жалилов, ЎИҲЖ, 2009 йилда 13 йилга қамалган;
15)  Чўян Маматқулов, ЎИҲЖ, ҳарбий хизматчи, 2012 йилда 10 йилга қамалган;
16)  Ҳабибулла Оқпўлатов, ЎИҲЖ, ўқитувчи, 2005 йил 6 йилга қамалган;
17)  Насим Исоқов, ЎИҲЖ, 2005 йилда 8 йилга қамалган;
18)  Рустам Усмонов, бизнесмен, олим, 1995 йилда 14 йилга қамалган;
19)  Исоқ Абдуллаев, бизнесмен, 2005 йилда 10 йилга қамалган;
20)  Ғайрат Меҳлибоев, журналист, 2006 йилда 17 йилга қамалган;
21)  Солижон Абдураҳмонов, Инсон ҳуқуқлари халқаро жамияти (МОПЧ), 2008 йилда 10 йилга қамалган;
22)  Ғанихон Маматхонов, МОПЧ,
23)  Дилмурод Саййидов, “Эзгулик”, журналист, 2009 йилда 12 йилга қамалган;
24)  Абдурасул Абдуназаров, “Эзгулик”, 2006 йилда 9,5 йилга  қамалган;
25)  Рухитдин Фахритдинов, диний олим, 2005 йилда 17 йилга қамалган;
26)  Акром Йўлдошев, диниц олим, мактаб ўқитувчиси, 1999 йилда 17 йилга қамалган.

             Юқорида санаб ўтилган сиёсий махбусларнинг бирортаси қамоқдан озод этилганини мен эшитганим йўқ. Балки 1-2 таси қамоқдан чиққандир – билмадим. Мустабид тузум раҳбарларининг оғзига тикилиб ўтиришдан фойда йўқ. Уларнинг озодлиги учун халқимизнинг камида ўн минг вакили фаол курашга киришиши лозим. Мамлакат ичида бу курашга беш юз одам, ўрта ҳисобда ҳар вилоятдан қирқ одам қўшилса етарли. Ўзбекистон ташқарисида бир неча миллион ватандошларимиз бор, булардан камида эллик минги демократик мамлакатларда тинч-осойишта ҳаёт кечирмоқда. “Ташқаридаги ўн мингта ватандош” деганимда мен шуларни назарда тутаяпман. Кураш қандай йўсинда бўлади?

             Бундан олти ярим йил аввал (2007 йил январида) AVAAZ номли нодавлат, глобал, онлайн усулда ишлайдиган ҳуқуқбонлик ташкилоти тузилган. Шундан бери бу ташкилот дунёнинг турли ҳудудларида муайян (конкрет) ҳуқуқбонлик ишларини бажармоқда. Ташкилот ўз олдига қўйган вазифалар жуда ҳам хилма-хил: сиёсий, иқтисодий, экологик, маданий ва ҳоказо. Мазкур ташкилот қатор конкрет ютуқларга эришди. Унинг таркибида миллионлаб аъзолари бор. Мен ҳам бу ташкилотга 2012 йилда аъзо бўлганман. Мазкур ташкилот ҳақида тўлиқроқ тасаввур ҳосил бўлиши учун россиялик журналист, фалсафа фанлари доктори Алла Ярошинскаянинг  AVAAZ БМТнинг ЎРНИНИ БОСА ОЛАДИМИ? номли мақоласини ўзбек тилига ўгириб муҳтарам ўқувчилар диққатига ҳавола қилмоқдаман.

            AVAAZ га аъзо бўлиш қийин эмас. Ташкилотнинг сайти www.avaaz.com га кириб ташкилотга аъзо бўлиш ёзув-чизувини бажариш кифоя. Аъзоликка баъдал тўланмайди. Бундан ярим йилча илгари мен ташкилот аъзоси сифатида Ўзбекистондаги сиёсий махбуслар муаммосини кўтаришни сўраб ташкилот командасига мурожаат қилдим. Ташкилот бу ишга киришиши учун ягона талаби бор: ташаббус билан чиққан одам (масалан, мен) интернет орқали камида 100 та имзо тўплаши, яъни ташкилотга аъзо бўлган камида 100 та АВААЗчи ташаббусни қўллаб-қувватлашини тасдиқлаши лозим. Бироқ ўзбекистонлик бирорта одам менинг ташаббусимни қўллаб-қувватламади. Мендан олдин Галима Бухарбаева хоним www.uznews.net нинг собиқ мухбири, ҳуқуқбон, 2008 йилда 10 йилга қамалган Солижон Абдураҳмонов иши бўйича ташаббус қилди, бироқ ўзбекистонликлар фаол қўллаб-қувватлашмади.

            Бу икки мисолдан ягона хулоса чиқади: ўзбекистонликлар Ўзбекистонда ўзгаришлар бўлишини исташмас экан! Ваҳоланки, АВААЗ раҳбарлари “Avaaz одамлар жамиятда ўзгаришлар бўлишини исташса, уларнинг кучи қанчалик қудратли бўлишини кўрсатаётган энг тоза ташкилотлардан биридир” деб ёздилар. Бироқ мен ватандошларимизда ўзбек жамиятида ўзгаришлар албатта бўлиши керак, деган истак тез орада шаклланади, деган умиддаман.

Толиб Ёқубов.                       3 ноябрь, 2013 йил;   Франция

Алла Ярошинская

AVAAZ БМТнинг ЎРНИНИ БОСА ОЛАДИМИ?

            Бир неча тиллардан таржима қилинганда Avaaz "сўз" ёки "қўшиқ"ни билдирувчи халқаро глобал тармоқли ташкилот бўлиб, Россияда кенг халқ оммаси орасида кам танилган. Бироқ у энг қудратли глобал халқаро нодавлат – энг муҳими – тармоқли – инсонни ҳимоя қилиш соҳасида президентлар, ҳукуматлар ва жамоатчилик фикрига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатадиган ташкилотдир. Avaaz сайтида айтилишича, у миллионлаб тамоман турли одамларга коррупция ва қашшоқликдан низолар ва иқлим ўзгаришигача бўлган глобал, ҳудудий ва миллий муаммоларни ечишда иштирок этишга имконият яратади. Avaaz онлайн-воситасида ҳаракатга келтириладиган демократиянинг ёрқин ва ноёб намунасидир. Бу унга кенг қамровли мавзуларни ўз ичига олган, илгари хаёлга ҳам келмаган мақсадга элитувчанлик ва кенгликларни қамраган дунёвий тадбирлар ўтказишга ёрдам беради.

            Унинг таркибида 194 мамлакатдан салкам 26,5 миллион аъзоси бор. 2007 йил январи (тузилган куни)дан бошлаб бутун дунёда у 150 миллиондан ортиқ ҳуқуқбонлик тадбирларини ўрказди. Ақл бовар қилмайди! Биринчи марта мен Avaaz номли глобал тармоқли ноҳукумат ҳуқуқбонлик ташкилоти (НҲТ) мавжудлиги ҳақида Эдвард Сноуден ва унингАҚШ махсус хизматлари томонидан ҳамманинг ёзишмалари ва телефон сўзлашувларини эшитиш ва ёзиб олиш билан боғлиқ жанжал бошланганда билдим. Ўша пайтда менинг электрон почтамга президент Барака Обама номига Сноуденни АҚШ давлат машинаси томонидан таъқиб қилинаётганига қарши  ёзилган петицияни қўллаб-қувватлашни сўраб юборилган хат келиб тушди.

            Яқинда менинг почта қутимга Avaaz нинг қилинган ишлар юзасидан ёзилган ҳисобот келди. Бу– НҲТнинг виртуал ва бошқа ҳаракатлари натижаларини иштирокчиларга билдириш тўғри қадам эди. Бирор ташаббусни ўз имзоси билан (тармоқдаги тахаллуси билан эмас, ҳақиқий исми-шарифи, турар манзили ва яшаш мамлакатини кўрсатган ҳолда) қўллаб-қувватлаш илтимоси келганда бпъзилар: “менинг сўзим ниманиям ҳал қиларди, барибир бу дунёда ҳеч нарса ўзгармайди?” деб ўйлаши мумкин. Имзолаган одам эса, турган гап, кейин нима бўлганини билишни истайди. Бу глобал НҲТнинг энг шов-шувлик петициялари бир неча миллион имзоларни тўплайди-ку, ахир. Аниқланишича, петицияларнинг фойдали иш коэффициенти ҳар қанча кутилганидан ҳам зиёда экан. Мана бахтли якунланган ташаббуслардан бир нечтаси.

             Бир мунча вақт илгари Мальдив давлатида 15 ёшли исломий қизни ўгай отаси томонидан жинсий зўрлаш ҳодисаси ва қизнинг ўзини “ахлоқсизлиги” учун суд 100 марта дарра билан уриш ҳукми чиқаргани дунё матбуотида чиққан маълумот ҳаммани ларзага солди. “Айбдор” ўгай ота ва шариат суди томонидан таҳқирланган бахтсиз қиз ҳимоясига дунё бўйича икки миллион одам кўтарилди – бир неча кун ичида мамлакат президенти Муҳаммад Воҳид Ҳасан номига шунча имзо тўпланди. Мальдив давлатининг Олий суди икки карра зулмга учраган жабрланганга чиқарилган суд ҳукмини бекор қилди. Бироқ Avaaz бу билан чегараланмади, чунки Мальдивда суднинг бундай адолатсиз ҳукм чиқариш истисно шаклда эмас, доимий шаклдадир. Ташкилот мамлакат президенти ва судини бу каби жазоларга мораторий эълон қилиб, охир-оқибат жамиятнинг аёллар қисми ҳаётига таалуқли мазкур ёввойи қонунни йўқ қилишга чақирди.

             Бироқ, бу интернет-демократия ғалабаси ортида глобал НҲТнинг катта бўлмаган бир гуруҳ одамлар (командаси)ининг тиним билмай бажарган иши турган эди. “Аввало, - дейди бу гуруҳ лидерларидан бири Рикен Рейтел, - биз Бош прокурор ва керакли вазирлар билан боғландик, улар билан бир неча соат давомида гаплашдик, қарорни ўзгартиришга ундадик. Бундан ташқари, электрон почта орқали мамлакат президентининг шахсий адресига хат юбордик. Бир пайтнинг ўзида жамоатчилик фикрини ўрганиш учун сўров ўтказдик. Бу сўров мусулмон қиз ва аёлларни қўллаб-қувватлаш учун мавжуд қонунчиликни ислоҳ қилиш зарурлигини истаганлар жуда катта кўпчилик эканлигини кўрсатди. Мамлакат миллий газетасида ўзимизнинг фикримизни ёритган мақола чоп этдик.

            Бундан ташқари, омма кўзи ўнгида калтаклаш каби ёввойиликка қарши муносабат билдиришга маҳаллий олимларни ишонтириб мурожаат қилдик. Ҳатто булар ҳам ҳаммаси эмас. Ҳукумат НҲТдан, агар ўрта асрлардан қолган бу беъмани қонун бекор қилинмас экан, биз туристларни мамлакат бошқарувининг ёввойи ахлоқи ҳақида огоҳлантирамиз, деган хат олди. Биз аниқ мўлжалга урган эдик: туризм – Мальдив ороллари топиш-тутишининг асосий соҳасидир. Ҳар йили Мальдивга ташриф буюрадиган ярим миллион турист давлат ғазнасига катта пул қолдиришади. Бу иддаомиз афтидан ҳукумат учун охирги тўқмоқ бўлди. Ва, ниҳоят,  Avaaz командаси расмий шахслар билан учрашиш ва уларга босим ўтказиш учун оролли давлат қирғоғига етиб келди. Шундай қилиб, дунёвий кўмак натижасида биз ғолиб келдик. Жараён бир неча ой– 2013 йил февралидан сентябрь охиригача давом этди”. Мальдив ороллари собиқ ташқи ишлар вазири Аҳмад Шаҳид бундай деди: “Аёллар ва қизларни калтаклаш билан жазолашни бекор қилиш тадбирида Avaaz нинг қўшган улуши энг асосийси эди. Миллионларча одамларнинг петицияни имзолаши, мамлакатга бориш, жамоатчилик фикрини ўрганиш ва кейинги қўйилган қадамлар – бу талабни бажармасликка ҳукуматга имкон қолдирмади”.

              Мана бу НҲТ командасининг яқинда бўлган бошқа бир “кичик урушининг” мисоли. Масаи қабиласини ов қиладиган ҳудудлардан ҳайдаб чиқараётган Танзания ҳукуматининг ҳатти-ҳаракатларини тўхтатиш учун Avaaz салкам 2 миллион ҳимоячининг овозини тўплади. Шу сентябрнинг охирида Танзания Бош вазири масаи қабиласи ўз ерларида қолишлари мумкин, деб эълон қилишга мажбур бўлди. Бу воқеада ҳақсиз-ҳуқуқсиз африкалик қабилага ёрдам бериш учун босим ўтказишнинг турли хил йўл-йўриқлари қўлланилди – кўпсонли одамлар томонидан қўллаб-қувватланган петициядан ташқари, албатта. Аввало, CNN телеканали ва The Guardian газетасига мурожаат қилиб дунё аҳлига билдиришандан кейин аваазчилар Танзанияга, масаи қабиласи ҳузурига йўл олдилар.

              НҲТ қабила бошлиқларига ўз ерлари учун курашиш тадбирлари стратегиясини ишлаб беришди. Мамлакат вазирлар маҳкамаси ва парламентда бу масала муҳокама қилинмасдан олдин вазирлар ва президент бошига хатлар ёғдирилди. Кейин маҳаллий матбуотда ҳукуматни уятга қўювчи реклама кўринишдаги кучли мақолалар туркумини ташкил қилишди. Дунё бўйлаб Танзания элчихоналари олдида норозилик тадбирлари ташкил қилинди. Ва, ниҳоят, қабила оқсоқолларининг пойтахтга боришини молиялаштиришди ва уерда “Бош вазир идорасига олиб борувчи йўлакларни босиб ол” акциясини уюштиришди. Бу тадбир бир неча ҳафта давом этди, масаилар Бош вазир улар билан учрашмагунча кетмаймиз, деб туриб олишди. “Бу – масаи қабиласининг ўзларининг азалий ерларига эга бўлиш ҳуқуқи учун олиб борган 20 йиллик курашининг кенг кўламли охири бўлди”, деб ёзди менга Рикен.

Мамлакатлар сиёсий тизимига таъсир кўрсатишнинг ҳайратли мисоллари ҳам бор. “Масалан, Бразилияда, - деб ёзади Рейтел, - биз ғалабадан бир баҳъя масофада турибмиз – буерда Конгрессда ўтадиган “махфий овоз бериш”нинг сояли амалиётига барҳам берилади”. Аваазчилар томонидан юритилган лобби1) ҳаракати кучли туртки бўлди-ки, шу кундарда парламентнинг қуйи палатаси бу масалада ижобий овоз берди. Энди “махфий овоз бериш”ни бекор қилишга мойиллаштиришга ундаган ҳолда сайловчилар сенаторларга уларнинг шахсий телефонларига оммавий равишда қўнғироқ қила бошлайдилар. “Бунинг учун биз Бразилиянинг барча ҳудудларида мазкур коррупцияни тўхтатишга тўғридан-тўғри даъват қилиш мақсадида онлайн-ускунадан фойдаланамиз, албатта”, деб билдирди НҲТ лидери.

           Яқинда менга дунёга машҳур, англикан Кейптаун черковининг епископи, Нобель мукофоти лауреати, инсон ҳуқуқлари учун курашувчи африкалик рўҳоний Десмонд Туту мурожаатини қўллаб-қувватлаш сўралган хат келди. Унда айтилишича, “Ўз мамлакатларида террорни урчитиб, қўрқувни шакллантирган Судан ва Кения раҳбарлари моҳиятан ажойиб ташкилотни йўққа чиқаришлари ва бу билан дунёмизни янада хавфли қилишлари мумкин”. Гап шу ҳақда бормоқда-ки, бу шахслар Африкада қитъа давлатларини инсониятга қарши жиноятлар содир этган шахслар устидан маҳкама юритувчи Халқаро Жиноий Суди (ХЖС)дан чиқариш тадбирини бошлаб юборишди. “Ўзлари учун ҳеч бир оқибатсиз, жавобгарликсиз қоладиган ҳуқуқ – ўлдириш, зўрлаш ва нафрат уйғотиш ҳуқуқини сақлаб қолиш учун бу уларга керак.

            “Мен биламан-ки, биз биргаликда бунга йўл қўймаслигимиз мумкин, - деб ёзади барча бефарқмас инсонларга қарата Десмонд Туту, - бироқ биз бирлашишимиз ва Африка Иттифоқини, биринчи навбатда Нигерия ва Жанубий Африка Республикасини қарши чиқишга ва қитъадаги барча одамлар ХЖС юридикцияси ҳимояси остида бўлиши лозимлигига эришишларига чақиришимиз керак. ... Биз миллион имзо тўпласак, бизнинг петициямиз тўғридан-тўғри Африка Иттифоқининг Аддис-Абебеда ўтадиган конференциясига берилади”. Мен рўҳонийни қўллаб-қувватладим, чунки бу ҳаққоний ишдир.

             Бироқ Avaaz нафақат петициялар ва жамоатчилик фаоллигининг турли механизмларидир. Бир неча ҳафта илгари НҲТ бир неча кун ичида миллион доллар пул тўплади. Шу сумма чеки пул берган давлатлар вакиллари ва  БМТнинг расмий шахслари учрашуви пайтида БМТ суриялик қочқинлар болаларини мактабларда ўқитишни ташкил қилиши учун топширилди. Бу пулларни Avaaz нинг 40.000 та кўнгилли ёрдамчилари йиғиб беришди. Афтидан, бу ноёб ташкилот ишидаги асосий нарса: Avaaz нинг бошқалардан фарқи шу-ки, ишининг самарали эканини кўриб туриб уни қўллаб-қувватлаётган оддий одамлар унинг фаолиятини 100% молияламоқдалар. Айни пайтда хайрия қилинаётган пуллар миқдоран кичик бўлиб, ташкилот уларни онлайн орқали қабул қилади. НҲТ корпорациялар, ҳукуматлар, фондлар ва ҳатто 5000 евродан катта бўлган шахсий хайриялардан принципиал воз кечди.

             “Мен ўйлайман-ки, - деб ёзади Рикен Рейтел, - Avaaz одамлар жамиятда ўзгаришлар бўлишини исташса, уларнинг кучи қанчалик қудратли бўлишини кўрсатаётган энг тоза ташкилотлардан биридир. Бунинг учун командамизнинг ўзиша хос тилсими бор, унинг ёрдамида биз орзу қилаётган дунёмизни ташкил қилмоқчимиз”. Чамаси, дунёнинг расмий раҳбарлари томонидан ҳозирча тақдирланмаган бу ноёб ҳодисага энг аниқ характеристикани немисларнинг Suddeutsche Zeitung газетаси берди: “Avaaz БМТдан демократлироқ ва унга қараганда самаралироқ ташкилотдир”.

Комментариев нет:

Отправить комментарий