Меню

вторник, 12 ноября 2013 г.

Нега бизнинг ўзбек тилимизнинг меъёрлари ишлаб чиқилаётган пайтда шуларга эътибор қилинмаган




Бундан йигирма йилча муқаддам, мени яхши билган бир олимимиз менга  илмий иш қилишни, тил муаммоларига бағишланган номзодлик диссертациясини ёқлашни таклиф қилди. Унинг айтишича, менда шунга лаёқат бор эмиш.
Баъзи бир баён қилган  фикрларим, газеталарда чоп этилган мақолаларимдан шу аён бўлиб турган эмиш. Бўлса бордир. Умуман олганда, сўз санъатида оқ билан
қорани сал бўлса ҳам ажрата оламан. Китобларда битилган қонуниятларнинг қайси бири нобопу, қабул қилинмаган қандай меъёрларни қаерда, қандай  ишлатишга ақлим етади. Лекин мен ўшанда  домлага қандайдир тутуриқсиз баҳоналар қилиб, узр сўрадим.

Мундай ўйлаб қарасам, бугун олим бўлиб, бирон каттароқ институтда, каттароқ домла бўлиб ҳам юришим мумкин эди. Аммо мен, бугун, ўшанда “йўқ”, деб ўша амалга ошмаган номзодлик диссертациямни ёқламаганимга жудаям хурсандман. Боиси, ҳеч кимга кераги бўлмаган ўша илмий ишим бугун аниқки, юзимни шувут қилиб, қалбимни ўкситар эди.

         Мен, ўзбек  талаффузига жуда эрта, ҳали мактаб боласи эканимдаёқ чуқур эътибор берар, телевизорда айтилаётган ҳар бир қўшиқ сўзларига, экранда  кўринган дикторлару кўрсатув иштирокчиларининг талаффузлари турли-туман эканига ажабланардим. Кейинроқ, мактабдаги тил-адабиёт дарслари, институтдаги нутқ домлаларим сабоқлари мени бу соҳага янаям қизиқтириб қўйди. Телевидениега диктор-сухандон бўлиб келганимдан кейин эса, тамоман ақлим шошиб қолди. Чунки, бу ерда сўз, нутқ усталари билан кундалик тўқнашувларда барча нарса сув юзига қалқиб чиқди, гўё. Уч – тўрт йил ишлаб улгурмасимдан жуда кўп нарсаларни англаб қолдим.

         Энг аввало шевачилик. Шеваларни ҳам майдалаб ташлаган лаҳжабозлик. “Ҳей, бу телевидение, энг улуғ минбар! Бу ерда тилингни тозалаб, ақлингни бир ерга тўплаб, соф, адабий тил нормаларига риоя қилиб гапир”, дейдиган мард йўқ. Биз дикторларни “эзиб” ташлашарди. Анави мунақа деди, манави унақа ўқиди, деб. Лекин телевидение фақат дикторлардангина иборат эмаску. Эфирда ишлайдиган бошқа журналистлар, шарҳловчилар, кўрсатувларга четдан жалб қилинган мутахассислар бўлса уйида, болалигида қандай тили чиққан бўлса, ўшандай гапираверишди. Худди институтларда тил қонуниятларини ўрганмагандай... Оқибатда, оддий одамлар қайсиси тўғрию қайсиси нотўғри эканини ҳам билмай қолдилар. Мисол учун, бир фильмда бир оила кўрсатилаяпти: онаси бухороча шева, отаси тошкентча шева, фарзандларининг биттаси фарғоначаю иккинчиси хоразмча шевада гапириб ётибди. Мантиқ қани? Бор, ана, эр-хотин севишиб, бухоролик қиз тошкентлик курсдошига теккан ҳам бўлақолсин! Аммо болалар нега отасининг ҳам онасининг ҳам “тили”да гапирмайди? Умуман, нега  бу уйда бир “тил”да гапиришмайди, деб қистовга олмайди ҳеч ким. “БуларДИ” ким ўйлаши керагу, ким тузатиши керак?...

         Иккинчидан, товушларнинг нотўғри талаффуз қилиниши. Бир товуш бир ҳил эшитилгани билан, уларнинг талаффузи ҳар тилда ҳар ҳил бўлади-ку. Масалан, “ш” товушини олайлик. У ўзбек тилида  олд тишларга яқинроқ қилиб, ёйиқроқ тил билан, юмшоқроқ талаффуз қилинса, рус тилида, танглайнинг ўртасида, тилнинг йиғиқроқ ҳолатида, қаттиқроқ “шъ” кўринишида талаффуз қилинади.  “Шафтоли” билан “шъафтолы” нинг фарқи бор, албатта. Л, К, Н  ундош товушларга ҳам мана шундай мисоллар келтириш мумкин. Унлилар орасида-ку, бир ағдарим қусур... Тошкентликлар  “ит” деса, самарқанднинг бир неча туманларида “ыт” дейишади. “Ахборот” дастури республиканинг энг нуфузли кўрсатувларидан бири ҳисобланса, мана шу ерда ишлайдиган олий тоифали мухбирлар ҳам бемалол “ыт” , “ыш”, “ырмоқ” деб ётишибдию, ҳеч кимнинг иши йўқ, валлоҳи аълам!

          Ҳозир кўчаларимизда  “Кўмр бор” деган ёзувни кўриб, баъзиларимиз “Э, чаласаводлар” деб куламиз. Баъзиларимиз, ҳаммамиз эмас... Аслида эса, у бечораларда айб йўқ. Айб “домлалар”да. Агар ёзувларимиз  одамларимизнинг талаффузларидан андоза олиб тартибга солинганда эди, шунақа бўлмасмиди. Рости ҳам  “кўмыр” билан “кўмийр” икки ҳил айтилиши ва икки ҳил ёзилиши керакмасми? “Индамадими” деган сўзни олиб кўрайлик. Сўзнинг бошида келган “и” билан  сўнггида келган икки “и”  бир хил ёзилгани билан, бошқа-бошқа товушлар-ку.  Шуни ўша “кўмр”чиларга ёздирсанг “индамадм” деб ёзиши аниқ. Нега алифбода буларнинг икковини ҳам бир ҳарф билан белгиланиши тасдиқланган а?  Ахир, араб алифбосида бир неча хил “и”лар бор. Нега бизнинг ўзбек тилимизнинг меъёрлари ишлаб чиқилаётган пайтда шуларга эътибор қилинмаган? Бир неча йиллар давомида адабиётларда сира сўзи  “сра”,  билан сўзи “блан”  кўринишида берилди. Бу бир қонуният сифатида қабул қилиниб, барча “ы” товушлари босмада тушириб қолдирилди. Лекин бу билан муаммо бартараф бўлмади. Чунки, шеърий вазнларда ўша тушириб қолинган товуш ҳисобига бўғинлар етишмай қолди(фақат шунинг ўзи бўлса қанийди!). Ахир, “бр-бр” билан  “бир-бир” ни бирлаштириб бўлмайди-да!  Кейин, яна ҳозирги – “билан”, “сира” кўринишига ўтилди. Аммо бу ўтишлардан ҳам бари бир тўғри якун топилмади. Одамларимиз ҳали ҳам қандай эшитса, ўшандай ёзишади: Комл,(Комил), Собр(Собир) , кўмр ва ҳ.к.    Энди ким саводсиз – ишни  чала қилиб кетган олимларми ёки қулоғи эшитганини қоғозга ёзаётган оддий одамми?  Борингки, аниқладик ҳам, дейлик. Бироқ бу билан муаммо ҳал бўлмайди. Унинг ечимини ўйлаш керак. Бу муаммолар газета, журнал ва китобатчиликда йўқ, деса ҳам бўлар. Аммо радио, телевидение, кинода, кўча - кўйлардаги ёзувларда ниҳоятда кўп учрайди, назаримда.

         Учинчидан, юқоридаги муаммони нима учун шунча йиллардан бери ҳал этилмаганига ҳайрон бўламан. Ахир, инглиз тили куллиётига кириб ўқиётган талаба тўрт-беш йилда бизга мутлақо бегона тилни “сув қилиб ичворади”. Лекин нима учун ўз тилимизни шунақа мукаммал ўқитишмайди, институтларда? Ни-ма-га? Жавоб йўқ.

Тўртинчидан, “ислоҳот” сўзини “бузиш” деб тушунган баъзи бир мутасаддилар бир неча авлод сухандонларини, бадиий кенгашлар тасдиғидан ўтган теле-радиобошловчиларни бир четга суриб қўйиб, нутқ билан ишлаш малакаси бўлмаган, артикуляциясида бир нечтадан нуқсонлари мавжуд бўлган одамлар(режиссёрлар, мухбирлар, маъмурлар, баъзан эса умуман ҳеч қандай маълумоти бўлмаганлар)ни ҳам микрофон олдига ўтқазиб қўйишди. Энди худо берди, денг! Улар сўз, тил қонуниятлари талабларини билмаган ҳолда эфирларни “гуллатиб” ётишибди. Радиода биттаси “тъэрма жамоа” деб талаффуз қилади. Ҳар куни. Қачон спорт янгилигини ўқиш унинг чекига тушса, “терма” ўрнига  “т ъэрма” деб ўқийверади. Бу ҳол нормага айланиб бўлган.  Худди шу сўзни яна бир бошқа бошловчи “тсерма” кўринишида ўқийди. “Т” ундоши кетидан юмшатиш белгисини қўйиб, русча қилиб талаффуз қилади. Ё, тавбангдан кетай! Яна бир қанча бошловчилар “ЎИТС” деб талаффуз қиляптилар. Уларнинг қўлидаги матнда аниқки, ОИТС деб ёзилган.  (“Орттирилган иммунитет танқислиги синдроми”).

  Ёки бўлмаса, яна ўша каналда “ЎФК” деб талаффуз қилиб ётишибди. Бу ерда гап  Осиё футбол конфедерацияси устида кетяпти. Бахтга қарши аббревиатурада у ҳам “ОФК” кўринишида ёзилади. Энди уни тўғри қилиб: ОФК – Осиё Футбол Конфедерацияси деб ўқиш учун савод керак-да. Уни ўргатадиган одамнинг ўзи йўқ. Бўлса ҳам унга “штатда” жой берилмаган, тамом-вассалом! Бозор иқтисодиёти! Ўқийверинг, билганингизча...

          Агар, бир вақтлар менга тавсия қилинган: “Ўзбекистон телевидениесида тил муаммолари ва уларни бартараф этишнинг долзарб усуллари” мавзусида номзодлик диссертацияси, яна бирор йил ўтказиб “Жаҳон тиллари интеграциялашувига ўзбек тилининг ўтказган ижобий таъсири”(ихтиёрий олинди) мавзусида докторлик диссертациясини ёқлаган бўлсаму, бу диссертацияларимнинг ҳаётга тадбиқ қилиниши бугунги аҳволда бўлса, мен ҳозир қандай бош кўтариб юрган бўлардим.Шогирдларимнинг юзига қандай қараган  ва қандай баҳоналар тўқиган бўлардим. “Энди, болалар, дунёда ҳеч нима абадий эмас. Бир пайтлар долзарб бўлган масалалар вақт ўтиб ўз аҳамиятини йўқотиши мумкин (аслида икки пулга қиммат бўлиб қолиши мумкин, деса тўғри бўларди),  биз ҳам маълум бир даврнинг фарзандимиз-да, тил догма эмаску...”,  деб ҳас-пўшлаган бўлармидим, балки... Балки.

         Бугун эса, ўзимми четдан кузатсам, талаппузда ўзимам бемалол шевага ўтип кетимман. Индашмяпти. Қандодир эркин, ровон гапирвокканга ўхшийман. Ёқвотти. Доно халқимиз билиб этканакан-де – “Қўшнинг кўр бўса, кўзийни қис” диб.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Муслимбек ЙЎЛДОШЕВ 

Комментариев нет:

Отправить комментарий