Меню

четверг, 7 ноября 2013 г.

Сафсата! Инсон ҳуқуқлари дея айюҳаннос солаётган ўша “демократия жарчилари”




Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ва унинг рафиқаси Людмила Путиналарнинг амалдаги никоҳни тугатиш тўғрисидаги баёнотлари деярли барча оммавий ахборот воситаларида ўтган ҳафтадаги янгиликларнинг асосий мавзуси бўлди.
Масалага умумий ёндашганда, бу қарорнинг ҳеч қандай қўрқинчли ери йўқ: ҳуқуқий демократик давлат фуқароларининг мустақил қарори, бу қарорни барча бирдек ҳурмат қилиши лозим.
Аслида-чи? Оила масаласига бу каби қараш қанчалик тўғри бўлади?

Энг аввало, шуни унутмаслик керакки, биз шарқликмиз, халқимизнинг аксарият қисмини мусулмонлар ташкил этади. Бу каби масалаларга баҳо беришда, табиийки, менталитетимизга сингиб кетган диний ва миллий дунёқараш, қадриятлар ва анъаналарга таянамиз. Шу билан бирга, биз жаҳон ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли аъзосимиз, қонун устуворлиги таъминланган ҳуқуқий демократик давлат, эркин фуқаролик жамияти қуриш йўлидан бормоқдамиз. Шу маънода, жамиятда ва, умуман, дунёда рўй бераётган воқеликларга умумэътироф этилган ҳуқуқ нормалари асосида муносабат билдиришга тўла ҳақлимиз.
Путинлар жуфтлигининг мазкур қадамини изоҳлай туриб, баъзилар ушбу «умумий қарор»ни нормал ҳолдек қабул қилишди. Гўёки, жамиятда бу каби қарорлар демократик қадриятларнинг устуворлигидан, инсон ҳуқуқлари тантанасидан далолат берар эмиш.
Сафсата! Инсон ҳуқуқлари дея айюҳаннос солаётган ўша “демократия жарчилари” аслида демократия нима эканлигини билмайдиларми, деб қоламан баъзида. Ҳар қандай демократик қадриятлар, улар қандай ном билан аталишидан қатъи назар, фақат халқ ҳокимиятини амалга ошириш мақсадларига ва уни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоғи лозим.
Демократия, инсон ҳуқуқлари ниқоби остида турли ғайриинсоний ва ғайриижтимоий мақсадларни кўзлаш эса бу тушунчаларни ошкора суиистеъмол қилиш билан баробардир. Анъанавий оилавий қадриятлар илдизига болта урадиган ва тобора урф бўлиб бораётган янгича қарашларни рўёбга чиқаришни инсон ҳуқуқлари деб билиш, аслида, халқаро ташкилотлар томонидан турли баландпарвоз номлар остида хаспўшланаётган Ғарб оммасининг ахлоқсиз ва ғайриинсоний хоҳиш-истакларидир.
Оила – муқаддас тушунча. У азалдан инсоният ижтимоий ҳаётининг ажралмас бир бўлаги бўлиб келган. Оилаларда келажак авлод камол топади, жамият руҳи шаклланади. У ижтимоий масъулият масканидир.
Оила деб аталмиш муқаддас даргоҳдан янги “демократик қадриятлар”нинг устун қўйилиши, шубҳасиз, жамият таназзулига сабаб бўлади. Зеро, ҳар қандай таназзул маънавий инқироздан бошланади. Буни Европа ва Америка давлатлари мисолида яққол кўриб турибмиз.
Ана энди Россия ҳам Европа йўлини тута бошлади. Яна кимсан, давлат раҳбари тимсолида-я! Ахир, бу лавозим миллионлаб аҳолига етакчи, йўлбошчи, ўрнак эканини наҳот унутган бўлса?!
Демократия тантанаси деб ўз оиласидан осонликча воз кечиш, жондан азиз фарзандларини тирик етим қолдиришга қодир Ғарбнинг “илғор” кишиларининг яна демографик муаммоларни ҳал қилиш ҳақида оғиз кўпиртириши ортиқча.
Бундай жамиятда тарбия топаётган ёш авлоддан эртага нима кутиш мумкин?! Нима эмиш, эндиликда ота-онаси яқин кишилар, лекин эр-хотин эмас! Мана бу – демократик қадриятлар, инсон ҳуқуқлари тантанаси эътироф этиладиган илғор Ғарб жамиятнинг асл қиёфаси!
Ҳар ким мустақил қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга. Лекин бу қарор ҳеч қачон, ҳар қандай вазиятда ҳам маънавий масъулиятни қурбон қилиш эвазига бўлиши керак эмас! Оила муқаддаслиги инкор этилаётган ҳар қандай жамият борки, у охир-оқибат йўқликка маҳкумдир.

Комментариев нет:

Отправить комментарий