Меню

воскресенье, 24 ноября 2013 г.

Бошида бир-икки марта маош беришди-ю, кейин эртага берамиз, индинга берамиз, деб алдаб юришди

www.milliyburch.com


ИШ ҲАҚИМИЗНИ ЎТГАНЛАР РУҲИГА «БАҒИШЛАДИК...»

Ҳукуматимиз тадбиркорларга барча шарт-шароитларни муҳайё қилиб, уларнинг фаолиятига кенг йўл очиб қўйган. Лекин бу — тадбиркор жаноблари ўз ишчиларига истаган муомаласини қилавериши мумкин, дегани эмаслигини баъзи ўзбилармон ишбилармонларимиз англамаганлар шекилли.
Эътибор берган бўлсангиз, телевизор ёки матбуотда чиқиш қилган хусусий тадбиркор борки, «Корхонамиз ташкил этилганидан буён фалонча ишчи ўрнига
эга бўлдик, писмадонча йигит-қиз иш билан таъминланди», деб оғиз кўпиртиради. Кейинини суриштирсангиз, уч-тўрт ой, борингки бир йил ишлаб ҳам тузукроқ маош ололмаган ишчилар бирин-кетин  у корхонани тарк этишади.
...Қўшни туманда турадиган жияним бир келишида қувониб-фахрланиб, қишлоғида мева-сабзавотларни қайта ишлайдиган, хусусий консерва цехи очилганини, ўзи ҳам ўша ерга ишга жойлашганини айтганди. Орадан бир неча ой ўтиб кўришганимизда иши ҳақида сўрагандим, оғриниб қўл силтади:
— Э, улар ойлик беришмас экан. Бошида бир-икки марта маош беришди-ю, кейин эртага берамиз, индинга берамиз, деб алдаб юришди. Эшитсак, бошлиғнинг ўғли машина олгани учун корхона ҳисобидаги пуллар ишчиларнинг маошига етмаётган экан. Бизда ҳам рўзғор бор. Маош бермагандан кейин ишдан кетдик-да...
Яширмайман, айни пайтда айрим мустақил оммавий ахборот воситаларида ишлаган ҳамкасбларимиз, жумладан, ўзим ҳам бундайин ноҳақликка кўп дуч келганмиз. Бундан бир йилча аввал Республика миқёсида нашр этиладиган газеталардан бири ижодий ҳамкорлик таклиф қилди. Қалам ҳақини келишиб олгач, ҳамкорликни бошлаб юбордик. Дастлабки ойларда қалам ҳақи узлуксиз, ҳаттоки янги ойнинг биринчи кунларидаёқ тўланди. Моддий рағбат кўнгилдагидек бўлгандан кейин, биз ҳам ўз вазифамизни аъло даражада бажаришга тиришардик. Ўша нашрда биздан аввал ишлаган ҳамкасбларимиз газета эгаларининг ўзига хос «антиқа» одати борлигини, яъни журналистларга катта-катта ойлик маош, қалам ҳақи ваъда қилиб, аввал бошда айтилган маошни тўлиқ тўлашларини, орадан бир неча ой ўтгач эса, «уч кундан кейин ойлик бўлади», «банк пул бермади», «фалон ташкилотда пулимиз бор, ҳисобимизга ўтказиб беришмаяпти» қабилидаги важ-корсонлар билан иш ҳақини тўлашни пайсалга солишларини, охир-оқибат ҳақини ололмаган журналистнинг ўзи «ўз хоҳишига кўра» ишдан кетишга мажбур бўлишини айтишган эди. Биз бунчалик бўлмаса керак, дея ўйлагандик. Ҳарқалай, республика матбуот оламида кўзга кўринган нашр бўлса...  Йўқ, орадан маълум муддат ўтгач, бизни огоҳлантирган ҳамкасбларимизнинг нечоғли ҳақ эканликлари аён бўлди. Нақорати: «Эрта-индин албатта пул бўлади, маошингизни берамиз, сиз кўнгилни бўлмай ишлайверинг» деган сўзлардан иборат «қўшиқ»ни нашр мутасаддилари нақ беш ой куйлашди. Кейин эса... меҳнатимизга аталган ҳақни ўтганлар руҳига «бағишлаб» қўя қолдик...
Бугунги фикрларимиз билан диёримиздаги ҳамма тадбиркорларни худбин, бойликпарастга чиқариш ниятимиз йўқ. Фақат  хусусий корхоналар раҳбарларининг қўл остидагиларга нисбатан эътиборли бўлишларини, уларнинг меҳнатини муносиб тақдирлаб, ҳолидан хабардор бўлиб туришларини астойдил истаётганимизни билдириб қўймоічимиз, холос.
...Ишчининг ҳам уволи бор!

Комментариев нет:

Отправить комментарий