Меню

пятница, 29 ноября 2013 г.

ЎЗБЕКНИНГ МУТАЦИЯЛАШГАН КАТАКОНАСИ.

Кўп вақтдан бери бир икки ҳолат бўйича ўзимни қийнаб келаётган масалалар юзасидан дарду ҳол қилай дердиму, аммо вақти ва замони келмасди. Бир ҳодиса бўлиб, фикрларим тум тарақай бўлдида, ёзишга қарор қилдим.
Бир дўстим билан Ўзбекистондаги янгиликлар юзасидан, аниқроғи ГУГГУГУГУГУША - ана ўша опамизнинг “эркаликлари” ҳақида телефонда гаплашиб қолдик. Буни бир қадрдон гастербайтер укамиз эшитиб қолдида “СЕН ТЕРРОРЧИСАН” деган айбни пешонамга ёпиштирди қўйди. Сал қолди каминани ватан хоинига чиқариб юборишига. Телефонда гаплашганим дўстимга ҳам шунақа “унвон”ни илиб ташлади. Майли, ундан хафа эмасман. Чунки, у ўзини бугунки кунда мардикорлик ошини ейишига сабабчи бўлганларни камида худо деб билади ёки улардан ўлгудек қўрқади. Аниқроғи, у қўрқади! Бу кабилар жуда кўп. Энди мухолифатнинг борлигидан лоф урадиган олифталарга айтар сўзимни “ҳадя” этсам.
Бугунки кунда ўзини мухолиф ва мухолифатчиман дейдиган ва уларга ўзлари билиб билмай эргашиб юрганлар ҳам талайгина. Мухолифат қачон бирлашади деган масалалар
Замондош медия блогида кўпчилик томонидан бахс- мунозара қилинганига ҳам мана қарангки бир йилча бўлиб қолди. Кўпчилик ўз фикрини айтиб ўтди. Камина ҳам оз бўлсада билимимга яраша фикримни айтгандим.
Мухолифат бордир.... Аммо, ҳозирда сиёсий кўринишдаги кучли ўзбек мухолифати йўқ деб биламан. Олдин бўлгандиру, аммо ҳозирда у мутацияга учраб мажруҳ бўлиб қолган.
Қадрдон дўстимиз Ёдгор Обид ўз фикрлари билан оммага юзлангандилар ва у кишининг мақолалари Дунё овози сайтига ҳам қўйилганди. Мақоланинг номи “Ҳақиқатнинг аччиқ қалампири” http://www.dunyoovozi.blogspot.com/2013/02/blog-post_2366.html  деб номланган.
Мақолада менинг эътиборимни тортган бир нарса бор. У ҳам бўлса, Ёдгор Обид айтадиларки, “Менинг бир танишим ва ҳурмат қиладиганим одам ҳам Муҳаммад Солиҳ ҳақида " Уни ундай жазолаш керак, мундай қилиш керак" деган гапларини ёзибди. Мен ундан Муҳаммад Солиҳни ўзи танийсизми?" деб сўрадим. Қаранг, танимас ҳам экан. " Ҳамма шунақа деябдику" дея олди холос.” (иқтибос тугади). Ура-урачилар кўп деб таъна қиладилар.
Ҳурматли Ёдгор ака! Сиз Алишер Навоийни танийсизми? Танийсиз. Аммо у билан ҳатто вақт ва замон туфайли учрашмагансиз. Унинг ижоди ва қилган ишларини ўқиб ўргангансиз ва у ҳақда Сизда тушунча пайдо бўлган.
Энди Муҳаммад Солиҳ ҳақида айтадиган бўлсам, кўпчилик у ҳақда турлича билади. Мен эса шуни айта оламанки, у менга сира ёмонлик қилган эмас, хатто мени кўрмаган ва мени билмайди ҳам. У вақтида ўз яхшиликлари билан Ўзбекистон ва ўзбек халқига ёрдам қилгандир-у, бироқ афсуски, ҳозирда амалий ҳолатда ўзбек мухолифатида фақатгина чойхўрлик қилиб турган чолга айланиб қолгандек гўё. Мендан ҳурматли Муҳаммад Солиҳ сира хафа бўлмасинлар. Кўпчилик ўз замонида бошқача тасаввурда бўлиб у кишига эргашгандилар. Эргаўган кўпчиликнинг тақдирини кўрганлар у ҳақда нима деган фикрда. Ҳозирдачи?.. У киши ҳақида ҳозирга қадар Ўзбекистонда мутлоқ тескари мулоҳаза юритиб келинди ва ёшларга ватан хоини сифатида мияларга сингдирилди. Бу бир томондан унинг мухолифатчи сифатида шакллангани бўлса, иккинчи томонидан халқни ўзига эргаштираман деган уринишига тўсқинлик қиладиган кучли мотивга ҳам айланди.
Демак, ҳозирда Ўзбекистон ёшлари коллеж ёки лицейни ҳам тугатмай меҳнат мужоҳирлигига отланишларини ҳам ҳисобга олганда Ўзбекистонда мактаб ёшидаги болалар, аёллар ва кексалар қолган. Институтда ўқийдиганлар эса дипломсиз қолишларидан чўчиб, Муҳаммад Солиҳ ёки бошқасининг номини эшитсалар лабларига учуқ чиқадиган бўлган. Қолган бойваччаларга Каримовнинг мардановор президентлиги маъқул. Менинг ўзим кўпчилик меҳнат мужоҳирлари билан учрашиб, улар билан ишлаб, бирга яшаганимни ҳисобга олиб улар ҳақидаги фикримни айтсам, индаллоси шуки, уларнинг кўпчилигида (99% да) интернет йўқ. Бўлганларида ҳам фақат ОДНОКЛАССНИК. Уларни сиёсат умуман қизиқтирмайди. Пул топа олгани барисини уйига жўнатади. Пул топа олмагани “кидалло бўлдим” дейди. Уйига компьютер олиб берганлари ҳам бор. Ўзлари эса унда ишлашни билишмайди. Болалари эса ўйин ўйнашади холос. Америка ёки европага кетганлар эса Ўзбекистонга қайтишни ҳоҳлашмайди. Ҳоҳлашсада уларнинг болалари исташмайди. Чунки уларда ўша жойларда ватан деган тушунча шаклланди. Хўш! Энди Муҳаммад Солиҳ ким билан тўнтаришу қўзғалон қилади? Мана у ҳақда айта оладиганим.
Агарда Муҳаммад Солиҳ жаноблари мухолифатда ҳар тўрт йилда лидерни сайловлар асосида алмаштириб турилишини йўлга қўя олганида бошқа бириси лидер бўлганда ҳам ўзи замоннинг афсонавий лидерига айланарди. Эндиликда диндорларнинг ҳиссиётларидан фойдаланмоқчими?! Халқнинг ҳиссиётидан ўз манфаати йўлида фойдаланган лидер бу ҳақиқий лидер эмас!!!
Ўзбекистондаги диндорлар ва мардикорга айланган диндорлар ҳақида ҳам фикримни айтишим мумкин. Диндорман деганлари агрессив кўринишга келди ва Тоҳир Йўлдош (марҳум) туфайли “жиҳотчи”га айлантирилди. Бу эса ўз навбатида Ўзбекистонда “Толибон-террорчи” деган қўрқувни юзага келишига сабаб бўлди. (бу ҳақда “Чаламулланинг дарду ҳасратлари-3” да фикрларимни кўпроқ айтиб ўтаман)
Мухолифат бор деймизу, аммо бирорта ёш мухолифатчига айланса, уни қутқара оладиган куч йўқ. Масалан Тоғбой ака Абдураззоқов Прагада ўтказилган Қурилтой-2 да “диний ҳаракат эмас, озодлик ҳаракати деб бирлашайлик” дегани,  ҳақиқатни баралла айтгани учун “ғирт кофир”га айлантирилди. Отасига раҳмат, Исмат Хушев эса Ўзбекистонда бу каби ҳаракатларни амалга оширилиши эртак эканлигини холисона айтиб ўтди. Жаҳонгир Маматовнинг ёзганларида ҳам кўплаб ҳақиқатлар айтиб ўтилди. Ризо Обидов эса мухолиф-иффатимизнинг бугунда тортишиб турган ҳолати бўйича мана шу президент бўлар экан дейилса у ҳақда бошимиз қотиб қолишини айтиб, ўзининг ажойиб бир мақоласини (президент бўлмаган яна ким қолди) чиқарганди. Бундан ташқари, агарда Ўзбекистондаги бирорта МХХ ёки милиция ходими мухолифатга кирмоқчи бўлса уларга йўл йўқ. Оддий киши бошқача фикрлагудек бўлса у “МХХ” деган унвонга сазовор. На туда, на суда.
Охирги йилда икки нарса доимий тарзда интернетда муҳокама қилинди.
1)   Мухолифни қандай бирлаштириш мумкин;
2)   Ягона Турон ёки Туркистон қандай бўлиш;
Икки мавзу бўйича ҳам тортишувлар жуда кулгули бўлиб келди. Бирисида Максим Назиров барчани ҳеч бўлмаганда Ўзбекистонга яқинроқ бўлган Қазоғистонда йиғилишга чақирган бўлса, унинг бу хом хаёли аҳмоқликкача борди.
Чунки, бугунда ўз ишини ташлаб йиғилишга борадиган кўпи билан 50 киши топилса бу катта гап бўларди. Ҳеч бир гастербайтер ўз ишини ташлаб, пул сарфлаб ҳаттоки яқинроқ бўлган масофага ҳам бора олмайди. Бунинг устига 1 кун учун тўланадиган пулдан маҳрум бўлади ва ишида муаммолар пайдо бўлади. Ахир замонавий тарзда интернет орқали барчани йиғса бўладику. Яъни умумий конфиренция тарзида. Буни ҳар ойда ҳам ташкил қилса бўларди.
Иккинчи ҳолат бўйича Туронзамин қиламиз деганлар орасида ҳам аҳмоқликнинг учига чиққанлар куттириб ўтирмасдан намоён бўла қолди. Масалада умумий тил муаммоси кўндаланг келганди. Умимий тил сифатида инглиз тилини танлаймиз деган аҳмоқлар ўзлари ҳам билмаган ҳолда лоф уришди. Агар интернетни тушунган одамларда шундай фикрлар бўладиган бўлса...
Бу масалада эса Максим Назировдан жуда яхши фикрлар ўртага ташланди. Аммо уни тушунишни истамай бемаъни гапларни ёзганлари туфайли у ҳам орадан “жўнаб” қолди.
Эртаклар яхшиликка етаклар...
Эътибор берилса бугунки кунда Ўзбекистонда яшаётган ва тирикчилик қилаётганларга ҳозирги кундаги шарт шароитлар маъқул кўринади.
1)   Гастербайтер четда пул ишлаб оиласига жўнатади ва Ўзбекистонда тинчлик ҳукмрон. (бу ҳақда Жаҳонгир Маматов бошқача фикрлаган яъни Каримов барчани бу каби ҳолат бўйича алдаб шукр қилишга мажбурланганлигини очиқлайди);
2)   Имкон қилиб барча ишларни пора билан ҳал этиш мумкин. Масалан соққасини тўлаб ишга кириш мумкин ёки бирор муаммони ҳал этиш. Бу ҳолатда оддий халқ жабр кўрсада кимлардир бунга шукрда. Камбағал бир икки йил четда ишлаб, пул топиб, яхши ишларга пора орқали жойлаша олади. Бунда демократия эмас, балки диктатура жуда асқотади.
3)   Бу каби ҳолатларни талайгина давом эттириш мумкин.
Мен эса Ўзбекистонни фақатгина бир нарса қутқара олади  деган хулосадаман. У ҳам бўлса, ўзбек халқи замонавийлашиб кетиши зарур. Барчага замон технологияларидан (бу ҳақда ХАНТ номли китобимда мулоқотлар айтилади) хабардор бўлишларига ёрдамлашиш керак. Масалан, оддий телефонда интернетдан фойдаланишни (буни билмайдиган ўзбеклар 76%ни ташкил этади, кексалар ва кам таъминланган оилалар Ўзбекистонда салмоқли ҳиссани ташкил этади). Керак бўлса, бошқа соҳаларда ҳам шу каби каттароқ амалларни бажариш шарт. Бизни эскича яшаш ёки динга канадек ёпишиб олиш қутқара олмайди. Динни маҳкам ушлаш керак. Бу дегани замондан юз ўгириш дегани эмасда. Музика ҳаром, пистонча ҳаром.... Бу нимаси энди?!
Ўзбекистондагиларда, агарда Каримов ўлиб қолса ҳам уларга барибир. Негаки, улар бошқаси келса ҳам фақат ейдида деган тушунчада. Исмат ака Хушев каби Каримовни ўзбекнинг нажодкори деб биладиганлар ҳам талайгина. Балки, Гулнора эмас, Татяна опамиз президент бўлиб қоларлар...
Мени қўрқитаётган асосий яна бир нарса бор.
Ҳозирда Ўзбек халқи саводсизлик томонга юз бурмоқда. Олимлар ва пулдорларимиз юртимиздан  ташқарида. Ўқимишли ва билимлилар Ўзбекистонда бор, аммо камчиликни ташкил этади. Ўзбекистондагиларда диплом бор, аммо билим йўқ. Билими борларига имкон йўқ! Бунақада Ўзбекистонда фақат ишчи ва хизматчилар қолади. Оддийгина қилиб айтганда бошқалар томонидан бошқариладиган оломонга айланиб қолишимиз эҳтимоли ҳам бўлиши мумкин... Ана унда худога сиғиниб ёҳу ё манҳулаб юрамизда. Мана шунда бошқалар бизни ўз юртида “каттакон-а” эмас балки ҳақиқий “катакона” бўлган дейишади.
Мактабни тугатмай мардикор бўлиб пул ишлашга ошиқаётлар сони ортмоқда. Пул топса бўлдида, ахир. Ўқиганларнинг аҳволини кўриб туришибдику! Китоблар ўқилмайди, борларида ҳам маъно ва мантиқ йўқ. Болалар китоб ўқимай саводсиз бўлиб қолмоқдалар. Имло луғати бўйича сўзларни кам киши билади. Бу ўзбек тилимизнинг йўқолишига салбий таъсир кўрсатиб қолиши мумкин.
Гапирсам гап кўп, бироқ эшитадиган қулоқ топиш қийинда...
P/S: Katakona(лот)-катакомбы(рус) ўлиш, йўқолиш дегани.

Мистер Қалампир. Ўзбекистон 2013 йил.

Комментариев нет:

Отправить комментарий