Меню

воскресенье, 10 ноября 2013 г.

ўз оиласида тинчлик-тотувликни сақлаш, муҳтож инсонларга кўмак бериш, набираларини тўғри тарбиялаш



Кинодраматург Эркин Аъзам сценарийси асосида «Хонадон эгаси» фильми суратга олинаётган бўлса, «Зиёда» номли фильм сценарийси адиб Мурод Муҳаммад Дўст томонидан ёзилган. Бу ҳақда номлари зикр этилган фильмлар буюртмачиси – «Ўзбеккино» миллий агентлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Агентлик ахборотига кўра, Эркин Аъзам сценарийси, Ёдгор Саъдиев режиссёрлигида суратга
олинаётган «Хонадон эгаси» фильми «Обод турмуш йили»га бағишланган бўлиб, «унда нуроний, донишманд отахоннинг ўз оиласида тинчлик-тотувликни сақлаш, муҳтож инсонларга кўмак бериш, набираларини тўғри тарбиялаш борасидаги саъй-ҳаракатлари ҳақида қизиқарли, таъсирчан йўсинда ҳикоя қилинади». Фильмда ролларни Ёқуб Аҳмедов, Хайрулла Саъдиев, Фатхулла Масъудов, Маҳмуд Исмоилов ва Лола Элтоева ва бошқалар ижро этган.

Kinopanorama.uz сайти маълумотларига кўра, 14 октябрь куни фильмнинг монтажолди кўриги ва муҳокамаси бўлиб ўтган ва унда «фильмнинг ҳали қиёмига етмаган саҳналари, камчиликлари мавжудлиги қайд этилиб, уларни бартараф этиш юзасидан амалий тавсиялар берилган». «Ўзбеккино» хабарига кўра, ҳозирги вақтга келиб фильмнинг монтаж ишлари якунланиб, фильмни овозлаштиришга киришилган.

Мурод Муҳаммад Дўст сценарийси ва Жавоҳир Қосимов режиссёрлигида суратга олинаётган «Зиёда» фильми эса «иқтидорли санъаткор сифатида танилган, қўшиқлари халқ орасида машҳур бўлган» аёл ҳақида ҳикоя қилади. «Сиртдан бахтли кўринган аёлнинг оиласида, шахсий ҳаётида муаммолар етарли. Енгил ҳаётни орзу қилиб хорижга кетган эридан дарак йўқ. Бунинг устига, кутилмаганда ёлғиз фарзанди оғир хасталикка чалинади. Ана шундай мураккаб шароитда оқибатли инсонлар Зиёдага ёрдам қўлини чўзишади. Асарда ўзбекона меҳр-оқибат, бағрикенглик, аёлни улуғлаш сингари эзгу ғоялар акс эттирилган», – дейилади «Ўзбеккино» сайтидаги аннотацияда.

«Зиёда» фильмида кимлар суратга тушаётгани тўғрисида маълумот берилмаган. «Зиёда» ҳам, «Хонадон эгаси» ҳам «Ўзбеккино» Миллий агентлиги қошидаги Бадиий кенгаш томонидан 2013 йилда ишлаб чиқаришга тавсия этган бадиий фильмлар қаторига киради.

Маълумот учун, шу кунгача Эркин Аъзам сценарийлари асосида «Дилхирож», «Эркак», «Жаннат қайдадир», «Сув ёқалаб», «Забаржад», «Паризод» каби ўнга яқин фильмлар суратга олинган. Мурод Муҳаммад Дўст сценарийлари асосида эса «Дев билан пакана», «18-квадрат», «Пўшт арава» ва бошқа фильмлар суратга олинган

Комментариев нет:

Отправить комментарий