Меню

суббота, 9 ноября 2013 г.

Каримов нима деб алжиради-ким ишонади уни гапига ?




Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг тор доирадаги мажлисида сўзлаган нутқи

Муҳтарам раис,
Ҳурматли давлат раҳбарлари!
Ҳамдўстлик давлат раҳбарлари саммити иштирокчиларини қутлаш ва Беларусь Республикаси Президенти Александр Григорьевич Лукашенкога самимий қабул ва меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдиришга
ижозат бергайсиз.
Бугун дунёда юз бераётган мураккаб жараёнлар, кучларни глобал ва минтақавий жойлаштириш борасидаги мураккаб ўзгаришлар, жаҳон иқтисодиётида инқироздан кейин кечаётган оғир давр, Ҳамдўстликка яқин ва узоқ давлатлардаги вазият ва зиддиятларнинг кескин тус олаётгани ҳақида гапиришнинг алоҳида зарурати йўқ, деб ўйлайман.
Шу муносабат билан, бизнинг назаримизда, МДҲнинг бу борадаги роли ва ўрнини белгилаш, Ҳамдўстлик доирасида қандай ишлар амалга оширилаётганини ва унинг имконият ҳамда салоҳиятини баҳолаш, ушбу ташкилотнинг истиқболи ва келажагини қандай тасаввур этишимиз хусусида фикр билдиришимиз муҳим аҳамиятга эга.
МДҲнинг, ўтган йиллар мобайнида мазкур ташкилот томонидан яратилган ҳуқуқий майдон ва ҳамкорлик воситаларининг, механизмларининг аҳамиятини оширмасдан, айни пайтда камситмасдан айтиш мумкинки, Ҳамдўстлик унга аъзо бўлган ҳар бир давлат учун муҳим ўрин тутмоқда. Бундай дейиш учун барча асослар бор.
Ҳамдўстлик унга аъзо давлатларнинг изчил ривожланиши, барқарорлиги ва хавфсизлигига рахна солиши мумкин бўлган таҳдид ва хатарларга ўз вақтида, муносиб жавоб қайтариш, баҳс ва низоларни ҳал этишга қаратилган, пировард натижада собиқ иттифоқ ҳудудида фуқароларнинг ўзаро мулоқот қилиши учун мақбул ёндашув ва мувофиқлаштирилган амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш борасида кенг имкониятлар яратмоқда.
МДҲ давлатларининг серқирра ҳамкорлиги ҳақида сўз борганда, биз, авваламбор, МДҲ маконида зўравонлик ва муросасизлик ғояларини очиқ-ойдин тарғиб қилаётган турли экстремистик ташкилотлар фаоллиги кун сайин кучайиб бораётганини эътиборга олган ҳолда, экстремизм ва терроризмга қарши курашда Ҳамдўстлик мамлакатларининг ўзаро ҳамкорлигини назарда тутамиз.
Бугунги кунда тобора авж олаётган радикализм, терроризм ва жангари экстремизм мафкураси нафақат бир мамлакат ёки муайян минтақа доирасида кенг тарқалаётгани, балкиушбу жараён миллий чегара билмаслиги ҳақида гапиришнинг ҳожати йўқ. Айнан шу сабабли МДҲга аъзо давлатлар ҳудудида ҳар қандай кўриниш ва шаклдаги терроризм ва экстремизмга йўл қўймаслик муҳитини шакллантириш, ушбу хавфли таҳдидларнинг пайдо бўлиши ва тарқалишига кўмаклашадиган сабаб ва шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш учун биргаликда ҳаракат қилиш зарур.
Бугунги саммитда жиноятчилик ва терроризм, наркотик воситаларнинг ноқонуний айланишига қарши ҳамкорликда курашиш бўйича чора-тадбирлар дастури, шунингдек, Ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш бўйича ҳамкорлик концепциясининг қабул қилиниши Ҳамдўстликка аъзо барча давлатларнинг узоқ муддатли хавфсизлик манфаатларига мос келади.
Иккинчидан. Афғонистондан АЙСАФ тинчликпарвар кучларининг 2014 йилнинг охирига қадар чиқарилиши, шак-шубҳасиз, Афғонистон билан чегарадош давлатлар ва унга яқин ҳудудлар учун жиддий синов бўлади.
Дунёдаги аксарият мамлакатлар Афғонистон муаммосини ҳал этишнинг ягона йўли – бу, ушбу муаммонинг сиёсий тинч ечимини топиш, ўзаро курашаётган турли томонлар ўртасида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида музокаралар ўтказиш ва муросага келиш, таркибига ўзаро қарама-қарши асосий кучлар ҳам кириши мумкин бўлган муваққат ҳукуматни шакллантириш зарур, деган хулосага келмоқда.
Ўзбекистон Афғонистон билан қўшни давлат сифатида унинг ички ишларига аралашмаслик, Афғонистон билан ҳамкорликни икки томонлама асосда ташкил этиш, Афғонистон халқи сайлайдиган ҳукуматга ёрдам бериш ва уни қўллаб-қувватлаш сиёсатига қатъий амал қилади.
Бундай шароитларда ҳар бир мамлакат ўзи қабул қиладиган чора-тадбирларни амалга ошириши, шунингдек, Афғонистондан қўшинларни чиқариш жараёни ён-атрофдаги мамлакатларга зиён етказмаслигидан манфаатдор томонларнинг ўзаро мувофиқлашган ва маслаҳатлашган ҳолда иш тутиши, энг муҳими, юзага келаётган шароитда аввало Афғонистоннинг ўзида тартибсизлик ва зўравонликка йўл қўймаслик мамлакатларимиз ва умуман, минтақада хавфсизлик ва барқарорликни сақлаш учун муҳим аҳамият касб этади. Бу борада манфаатдор бўлган қудратли давлатлар амалий ёрдам кўрсатиши мумкин ва даркор.
Яна бир масалага алоҳида тўхталмоқчиман. Бу МДҲ маконида мамлакатлар ўртасида амалдаги савдо режимига салбий таъсир кўрсатмайдиган принципларга асосланган тўлақонли эркин савдо зонасини шакллантиришдир. Бу МДҲ ҳудудида барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётни таъминлашнинг муҳим шартларидандир.
Бунда товар оқимлари тузилмасини диверсификация қилиш, ўзаро етказиб берилаётган товарлар турларини кенгайтириш ва энг муҳими, мувофиқлаштирилган ва самарали транспорт-коммуникация ҳамда тариф сиёсатини амалга ошириш улкан аҳамиятга эга.
Биз Ўзбекистон Республикасининг Эркин савдо зонасини ташкил этиш тўғрисидаги шартномага қўшилишини қўллаб-қувватлаган Россия Федерацияси ва Ҳамдўстликнинг бошқа мамлакатларидан миннатдормиз. Ўзбекистоннинг изчил ривожланаётган бозори ва жадал ўсиб бораётган иқтисодиёти билан ушбу муҳим интеграция лойиҳасида иштирок этиши Шартноманинг барча қатнашчиларига ўзаро фойда ва манфаат келтиришига ишонаман.
Муҳтарам ҳамкасблар!
МДҲ истиқболи ва келажаги кўп жиҳатдан бизга, яъни Ҳамдўстликка аъзо мамлакатларга ва, албатта, ҳеч бир муболағасиз биринчи навбатда, Россияга боғлиқ эканини ҳаммамиз яхши тушунамиз.
Собиқ иттифоқ ҳудудидаги ҳар бир мамлакат учун Россиянинг улкан салоҳияти ва бозор имкониятлари эътиборга олинган ҳолда, бу давлат билан йўлга қўйилаётган муносабатлар ва муҳими – умумий тарихимиз, қадриятларимиз, интилишларимиз ва керак бўлса, узоқ йиллар мобайнида биз биргаликда яшаган макон алоҳида аҳамият касб этиши бугун ҳеч кимга сир эмас.
Собиқ иттифоқ ҳудудида Ҳамдўстлик билан бир қаторда бошқа интеграция жараёнларининг ҳам ривожланаётгани МДҲ фаолияти учун тўсиқ бўлаётгани йўқ.
Шу билан бирга, давлатлараро бирлашмаларнинг ҳар бири – МДҲ, Божхона иттифоқи ва унинг асосида ташкил этилаётган Евроосиё иқтисодий иттифоқи бир-бирини такрорламасдан ўз йўналиши бўйича фаолиятини йўлга қўйиши ғоят муҳимдир. Бундай ҳолат эса келажакда юз бериши мумкин.
Ҳурматли ҳамкасблар!
Беларусь Республикасининг МДҲга раислиги, бизнинг фикримизча, фаол ва амалий хусусиятга эга бўлди ва Ташкилот доирасида унга аъзо мамлакатларнинг умумий мақсад ҳамда вазифаларини илгари суришга ёрдам берди.
Фурсатдан фойдаланиб, Украинани навбатдаги даврда МДҲга раислик қилиши билан табриклаб, Украина Президенти Виктор Федорович Януковичга ушбу масъулиятли миссияни амалга оширишда катта муваффақиятлар тилайман.
Эътиборингиз учун ташаккур.

Комментариев нет:

Отправить комментарий