Меню

четверг, 21 ноября 2013 г.

Самарқандда бир-нечта шундай тўйлар бўлиб ўтди..На келин бор на куёв.....ёки иккаласи хам чет элда


kelinmanzura.jpg


Келин-куёв қатнашмаган тўйни кўрганмисиз? Ёки фақат келиннинг бир ўзи билан, куёвсиз ўтган тўй базмида иштирок этганмисиз?
“Тўй маънавияти” туркумидан учинчи мақола.

Саволни бу тарзда қўйилиши бундан бир неча йил аввал кишининг хаёлига ҳам келмасди. Келин ёки куёв ё ҳар иккаласи қатнашмаса, тўй
бўлмаслигини, ўзи ушбу тадбир айнан шу икки ёш туфайли ва улар учун ўтказилишини ҳаммамиз биламиз-ку! У пайтлар “бундай бўлмағур, аҳмоқона саволни ким берди” деб, кўпчилик ҳайрон бўлиши турган гап эди. Эндиликда ҳаётимизга кириб келаётган янги урф-одатларга кўникиб бораётганимиздек, келин-куёвсиз тўйларни кўриб, уларда иштирок этиб, ҳайратланмайдиган бўлдик.

Ҳар ҳолда, Самарқандда бир-нечта шундай тўйлар бўлиб ўтди. Масалан, бир тўйда иккала тўй сабабчилари ҳам қатнашмади. Улар хорижда ўқиб, ўша ерда ишга қолиб, бир-бирларига кўнгил беришган экан. Тўйларини ўтказиб, видеотасвирини уйдагиларига юборган. Ёшларнинг ота-оналари ўзаро келишиб, қариндошу маҳалладошлар учун каттагина дастурхон тузиб, тўй беришди. Меҳмонлар хориждаги тўйдан тушириб келинган видеотасвирни томоша қилиб, кеча давомида табрик сўзлари айтишди, ўйин-кулгу қилишди.

Бошқа бир тўй келин учун ўта аянчли тугади. Тўй тафсилоти билан тинишган одам ҳаётда бундай бўлиши мумкин эмас, бу кино бўлса керак деб ўйлайди. Қизга совчиликка келганлар йигит топарман-тутарман эканлигини, ҳозир чет элда ишлаётганлиги ва тўйдан олдин қайтиб келишини маълум қилишади. Қиз томон бўлажак куёв қурдирган янги иморатни кўриб, унинг ҳақиқатан ҳам топарман эканлигига гувоҳ бўлиб, тўйни бошлашга розилик беришади. Тўйдан олдинги барча маъракалар, жумладан, фотиҳа тўйи ҳам бўлиб ўтади. Қудалар тўй кунини белгилашади. Куёв томон унгача ўғиллари келишини уқтиришади. Тўй куни тобора яқинлашади, аммо куёв боладан дарак бўлмайди. Ҳар икки томоннинг хавотирини тасаввур қилиш қийин эмас. Белгиланган кунга икки кун қолганда, куёв етиб келаолмаслиги ҳақида келин томонга хабар етказилади. Куёв томонидагилар тўйга ҳамма нарса тайёрлаб қўйилганлигини, барча меҳмонлар таклиф этилганлигини қудаларига эслатиб, уларга нима бўлганда ҳам тўйни ўказиш лозимлигини уқтиришади.

Белгиланган кунда ҳашаматли ресторанда ҳар иккала қуданинг яқинлари, чиройли кийинган меҳмонлар тўпланишди. Улар учун 600 кишига мўлжалланган турли егуликларга бой дастурхон ёзилди. Тошкентдан номи чиққан хонанда ўз “теримчилари”, узр, раққосалари билан хизмат учун ҳозиру нозир. Таклиф қилинганлар тўпланиб, келин-куёв кириб келишини кута бошлашди. Бир вақт келиннинг ўзи яқинлари қуршовида келиб, базмгоҳнинг тўрига ўтди. У икки дугонаси билан келин-куёвга мўлжалланган жойга ўтириб олди. Барча ҳайратда. Аксарият ҳеч нарсани тушунмасдан “нега куёв йўқ, куёвбола қаерда” деб, бир-биридан сўрашга киришди.

Бироздан сўнг тўйхона бўйлаб куёв керакли ҳужжатларини вақтида тайёрлай олмаганлиги боис хорижда қолиб кетганлиги ва бир-икки кун ичида етиб келиши ҳақида гап-сўз тарқалди. Яна озроқ вақт ўтгач, одамлар еб-ичиш, ўйин-кулгуга берилиб, келинни ҳам, унинг дардини ҳам эсдан чиқаришди. Одатдагидек табрик нутқларида ёшларга бахт тиланди, келгуси йил шу вақтда бешик тўйи ўтказиш каби истаклар билдирилди.

Тўю тантана ниҳоясига етти ҳам, кунлар кетидан кунлар, ойлар кетидан ойлар ўтиб кетди ҳам. Аммо куёвтўрадан дарак бўлмади. Унинг ота-онаси ёш келинни умидвор қилишдан нарига ўтишмасди. Келинчак бир ярим йил давомида кайнона ва қайнотасининг хизматини бажариб юрди. Шунча вақт мобайнида у умид билан яшади. Бироқ бир ярим йил деганда куёв бола тўғрисидаги ҳақиқат юзага чиқди. Маълум бўлишича, у чет элда уйланган ва бир нафар фарзанди бор экан. Ота-онаси бундан хабардор бўлишса ҳам, ўғиллари уйга қайтиб, ёш, чиройли хотинини кўрса, хориждаги оиласини эсидан чиқаришига умид боғлашган. Аммо ўғил ота-онаси олдига, улар умид билан қурдирган данғиллама иморатда бир ўзи яшаётган хотини ҳузурига қайтишни хаёлига ҳам келтирмаётган экан.

Бундан воқиф бўлган қизнинг ота-оналари уни ўз уйларига олиб кетишди. Кўп ўтмай у ўзининг ҳақиқий бахтини топди. Яхши бир йигитга турмушга чиқди, ўғил кўрди. Шундай қилиб, бу воқеа ўша қиз учун яхшилик билан якунланди. Унинг иродасига қойил қолиш керак.

Албатта, ҳар бир ота-она ўз фарзандининг бахтини ўйлайди. Айниқса, қиз тарбиялаётганлар жигарбанди вояга етган сари “қизимиз қаерга келин бўлиб тушаркин”, “ўзига муносиб ёр топилармикан” каби ўй-фикрлар ичида бўлишади. Афсуски, кўпинча қудаларнинг ўзига тўқлиги, данғиллама участкасию қўша-қўша машинаси борлигини ўйлаб, юқоридаги ҳолатларнинг келиб чиқишига сабабчи бўлиб қолмоқдамиз. Келинг, яхшиси бундай воқеалар ҳеч қачон қайтиб бўлмасин!

Комментариев нет:

Отправить комментарий