Меню

суббота, 30 ноября 2013 г.

ФАРЗАНДИМИЗ КАСАЛ БЎЛМАСИН




Майли, бироз бадсифат бўлсин,
Майли, қанду асал бўлмасин,
Бир дуомиз ижобат бўлсин –
Фарзандимиз касал бўлмасин.

Майли, унча тегмасин нафи,
Кўнглимизни оғритсин гапи,
Қанча нозик бўлмасин таъби,
Фарзандимиз касал бўлмасин.

Боқса кўзи тириклик сўраб,

Нажотталаб чеҳрага қараб,
Ҳар куни бир ўламиз, ё Раб,
Фарзандимиз касал бўлмасин.

Ким бепарво отланар йўлга,
Маст шайтонни ўтқазиб рулга.
Соғлик топиб бўларми пулга...
Фарзандимиз касал бўлмасин.

Кийими оқ, юрагида кир,
Қасамини унутиб бир-бир,
Бемор дея талашар дўхтир,
Фарзандимиз касал бўлмасин.

Бошга кулфат ёғилган пайти
Тополмаймиз битта ҳам мардни.
Ўзимизга берсин бор дардни,
Фарзандимиз касал бўлмасин.

Журабек Рамазанов

Комментариев нет:

Отправить комментарий